Iste’molchilarga me’yorida tabiiy gaz uzatilmoqda
Бу – “маҳаллийлаштириш дастури” муваффақиятли амалга оширилиши билан боғлиқ.

Кўпчилик Бухоро вилояти ҳудудидаги Газлининг кўп сонли газ қудуқларидан қазиб олинаётган ер ости “неъмат”и бизга ўз соҳасининг моҳирлари ва фидойилари машаққатли меҳнат туфайли етказиб берилишини тасаввур қилмаслиги мумкин.
Бу мураккаб иш саҳро қўйнида жойлашган “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги Газли магистрал қувурлари бошқармасининг (ГМҚБ) 900 нафардан зиёд чилангару, пайвандловчилар, операторлар, муҳандису техник ходимлари томонидан амалга оширилади.
Конлардан қазиб олинган табиий газ махсус заводда олтингугуртдан тозаланади. Шундан сўнг, ГМҚБ уни қабул қилиб юзлаб километрга чўзилган қувурлар орқали учта йирик газ сиқув станцияси ёрдамида улкан сиғимли ер ости омбори, яъни иншоотига жойлаштиради. Газни сақлаш, истеъмолчиларга узатиш ҳам шу корхона зиммасида.
Таъкидлаш жоиз, истеъмолчилар таъминоти кўп жиҳатдан магистрал газ қувурлари ва иншоотларининг барқарор ишлашига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги “Республика истеъмолчиларини энергия ресурслари билан таъминлаш ҳолатини доимий ўрганишни ва назорат қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли буйруғига асосан ГМҚБ раҳбарияти, хусусан, 2022-2023 йиллар куз- қиш даврида бу масалага ҳар қачонгидан катта эътибор қаратиб, тегишли чора-тадбирларни амалга оширди.
Шу аснода ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳал этилди. Улардан бири газни ер остида сақлаш иншоотидан энергия ресурсини оладиган 5-б-газ сиқув станцияси цехининг барқарор ва тўла қувват билан ишлашига боғлиқ. Мазкур цех газ ҳайдаш агрегатларидан иборат 5 та газтурбина двигатели билан жиҳозланган. Мавсумга тайёргарлик доирасида уларни мукаммал таъмирлаш кун тартибига қўйилди.
Аммо Украинада тайёрланган бу двигателларни эндиликда ишлаб чиқарувчи мазкур заводда қайта тиклаш имконияти бўлмагани муаммо туғдирди. Уни бошқа хорижий мамлакатлардаги турдош корхоналарда ҳал этиш эса кўп вақт ва харажатни талаб қиларди.
– Фурсат кутиб турмаслигини инобатга олиб, мукаммал таъмирлаш масаласини ўзимизда ечиш имкониятларини ўрганиб чиқдик, – дейди Газли магистрал қувурлари бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳайдаров. – “Ўзтрансгаз” АЖ кўмагида двигателларнинг ишдан чиққан эҳтиёт қисмларини “махаллийлаштириш дастури” асосида мамлакатимиздаги тегишли корхоналарда тайёрлатдик. 2 дона двигателни созлаш ишларини эса тезкорлик билан ўзимизнинг тажрибали муҳандису ишчиларимиз қойиллатиб бажаришди. Хуллас, вақтни ҳам ютдик, маблағ ҳам ҳамёнимизда қолди. Ҳисоб-китобларга кўра, иккита двигателни хорижда таъмирлаш учун ўртача 8-10 миллиард сўм сарф бўларди. Энди тежалган бу маблағни ишлаб чиқаришга йўналтириш мумкин. Яна бир муҳим гап. Қаловини топганимиз боис двигателлар захирасини ҳам яратиб қўйдик.
Омилкорлик билан оширилган тадбирлар самарасида Газли магистрал қувурлар бошқармаси куз-қиш даври бошланганидан буён бир кеча-кундузда мамлакатимиз истеъмолчиларига аввалдаги 18 миллион куб метр ўрнига 20 миллион куб метр табиий газни узлуксиз етказиб турибди. Бу талаб этилган кўрсаткичларга тўла мос.
Эркин ЁДГОРОВ, “Бухоронома” мухбири