jins


Хонадонда бир кун газ бўлмаса, кайфиятимизга таъсир қилишишини ҳар биримиз яхши биламиз. Зудлик билан тармоқ ходимларга қўнғироқ қилиб, ҳолатни ўрганамиз. Аммо шу газ хонадонларга етказилиб берилишидаги машаққатли жараён, магистрал газ қувурлари ўтган жойларда мавжуд хавфдан огоҳ бўлиш ҳақида ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз. Хўш, аслида табиий газ аҳолига ва истеъмолчиларга қандай етказилиб берилади? Магистрал газ қувурлари атрофида мавжуд муҳофаза майдонлари ҳақида тасаввурга эгамизми? Магистрал газ қувурлари билан қурилмалар орасида қанча масофа бўлиши керак? Газ қувурлари аҳоли хонадонларига яқин жойда бўлса, мавжуд хавф ҳақида нималарни билишимиз жоиз?

Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти Ахборот хизмати бош мутахассиси Фарида ТОЖИБОЕВАга мурожаат қилдик.

– Республикамиз иқтисодиёт тармоқларининг ривожида муҳим бўлган табиий газ – мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб 13 минг 200 километрга яқин юқори босимли магистрал газ қувурлари орқали истеъмолчиларга етказиб берилади, – деди Ф.Тожибоева. – Ер остидан ўтган магистрал газ қувурлари хавфлилик даражаси юқори бўлган иншоотлардир. Қувурлар атрофида унинг ҳажмидан келиб чиққан ҳолда энг кам хавфсиз масофа ва муҳофаза майдонлари белгиланган. Бу майдонлардан қишлоқ хўжалик экинлари экиб фойдаланиш, айниқса, қурилмаларни қуриш хавфлидир.

“Ўзтрансгаз”АЖ тизимидаги бошқармаларнинг масъул бўлим ходимлари муҳофаза майдонларида жойлашган қурилмаларни хавфсиз жойларга кўчириш, қувурлар атрофида мавжуд хатар тўғрисида аҳоли ўртасида мунтазам тушунтириш тарғибот ишлари олиб бормоқда. Лекин бу борада ҳал этилмаган муаммолар талайгина.

Хусусан, Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси хизмат кўрсатадиган магистрал газ қувурларининг муҳофаза майдонларида 250 га яқин қурилмалар фавқулодда ҳолат юз бериши эҳтимоли мавжуд ҳудудларда турибди. Жумладан, “Сирдарё-ТашГРЭС” магистрал газ қувури 1983 йилда қурилган Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтувчи, диаметри 1020 мм.ли қувурнинг муҳофаза ҳудуди ҳар икки томондан 250 метр этиб белгиланган. Газ қувурининг ҳимоя майдонида бугунги кунда 18 та қурилма бор.

Хавос туманида газ қувур атрофида 4 та, газ қувурининг Паркент туманидан ўтган қисмида 6 та, Оҳангарон туманидан ўтган қисмида 2 та, Бекобод туманида газ қувури яқинида 5 та қурилма жойлашган. Мисол учун, Паркент туманининг "Бўстон" қишлоқ фуқаролар йиғинидаги “Файз барака” фермер хўжалиги дала шийпони (газ қувурининг 165-км участкасида) қувургача 180 метр масофада жойлашган. Оҳангарон тумани, "Тут" қишлоқ фуқаролар йиғини, “Сардор Оқтепа нури” фермер хўжалигига қарашли қурилма “Нуробод-Янги Ангрен” газ қувурининг 17-км участкасида қувурдан бор йўғи 40 метр масофада жойлашган.

1998 йилда қурилган “Янгиер-Тошкент” магистрал газ қувурининг диаметри 1220 мм. Муҳофаза майдони ҳар икки томондан 300 метрдан иборатдир. Газ қувурининг Қибрай, Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудидан ўтган ҳимоя майдонида 23 та қурилма бор. Жумладан, Қибрай тумани Уймаут маҳалласи Соҳибкор кўчасида У.Қодировга тегишли АГТКШ газ қувурининг 185-км участкасида 174 метр яқинликда қурилган. Қибрай тумани М.Муҳаммедов кўчасида З.Ниёзовнинг ҳовлиси қувурнинг Бўзсув каналидан ўтган қисмига 109 метр масофани ташкил этиши хонадон учун катта хавф туғдиради.

Шунингдек, “Оҳангарон-Олмалиқ” магистрал газ қувури 1961 йилда қурилган бўлиб, муҳофаза майдони 250-200 метрдир. Қувурнинг Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудидан ўтган қисмидаги ҳимоя майдонларида 34 қурилма бор. Шунинг 18 таси Янгийўл, 16 таси эса Ўрта Чирчиқ туманларида жойлашган. Хусусан, Янгийўл тумани "Охунбобоев" ҚФЙ, Чахчам маҳалласида С.Қурбоновга қарашли уй газ қувурининг 2 км. участкасида қувурга 104 метр яқинликда жойлашган. Шу маҳалладаги А.Йўлчибоевнинг ҳовлиси ҳам муҳофаза майдонида қувурга 120 метр яқинликда, А.Козимбоевнинг уйи ва газ қувури орасида 78 метр масофада қуриб олган бўлса, А.Ғозиев иморатини қувурга 40 метр масофа бор холос.

1961 йилда қурилган "ДБСТ” магистрал газ қувури ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг диаметри 720 мм бўлган газ қувурининг муҳофаза майдони ҳар икки тарафдан 200 метр. Газ қувурининг Тошкент вилояти туманлари ҳудудидан ўтган муҳофаза майдонларида 67 қурилма бор. Шунинг 24 таси Чиноз туманида, 39 таси Янгийўл туманида, 4 таси Зангиотада жойлашган. Чиноз тумани, "Яллама" ҚФЙ, Кўтарма маҳалласида Б.Ҳусановнинг хонадони газ қувуригача 94 метр масофада жойлашган. Б.Ҳусановнинг уйи қувурнинг 512 километридаги қисмида – қувурнинг устида эканлиги ўта хатарли. Янгийўл тумани, "Шўралисой" ҚФЙда Х.Бойқўзиевга тегишли уй билан газ қувуригача оралиқ масофа 84 метр. "Халқобод" ҚФЙда З.Ғаффоровнинг уйи “ДБСТ” газ қувурига 50 метр яқинликда жойлашган.

“Янгийўл” магистрал газ тармоғининг ҳимоя майдони ҳар икки тарафдан 100 метр этиб белгиланган. Тармоқнинг Янгийўл тумани Деҳқонобод МФЙдан ўтувчи 2,8 километрида бир қурилма – Бўстон кўчасидаги иншоот қувурдан 50 метр масофада турибди. Шу маҳаллада магистрал газ тармоғининг 1,8 км. қисмида қувургача 50 метр масофада, "Деҳқонобод" МФЙ, Бўстон кўчасида магистрал газ қувурининг 3,1-км. қисмида қувургача 35 метр масофада, ҳатто қувургача оралиғи 15 метр масофада жойлашган қурилма мавжуд.

Қибрай туманидан ўтувчи узунлиги 22,4 км “Ғазалкент” магистрал газ қувури 1966 йилда қурилган. Диаметри 325 мм ва 273 мм. газ қувурининг муҳофаза ҳудуди 100-150 метр. Бу тармоқнинг ҳимоя ҳудудида ҳам 102 та ноқонуний қурилма бор.

Таъкидлаш керакки, Тошкент МГҚБнинг масъул ходимлари томонидан бу қурилмаларнинг эгалари мавжуд хавф ва қурилмаларни хавфсиз жойга кўчириш тўғрисида ҳар йили бир неча мартадан огоҳлантирилади, шу мазмундаги хатлар тарқатилади. Уларнинг ижроси таъминланмаган тақдирда судларга даъво аризалари киритилади.

2022 йилнинг ўтган даврида биргина Қибрай туманидаги магистрал газ қувурларининг муҳофаза майдонларида мавжуд қурилмалар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Қибрай туманлараро судига 16 та даъво аризаси киритилди. Аризалар кўриб чиқилган ва қурилмаларни хавфсиз жойга кўчириш бўйича суд қарорлари ҳам чиқарилган. Лекин уларнинг ижроси сустлигича қолмоқда. Ижроси пайсалга солингани билан мавжуд хавф камайиб қолмайди. Буни тўғри тушуниш, белгиланган меъёрларга риоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Қачонки, бирор жойда газ сизиб чиқиб, кимдир моддий зарар ёки инсоний талафотга йўлиққанда айбдорни қидиргандан – хатарнинг олдини олган яхшироқ. Магистрал газ қувурларининг атрофида ўта эҳтиёткорлик зарурлиги, белгиланган майдонларга дахл қилмаслик эса ҳар биримиз учун шарт эканлигини унутмаслик зарур.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

Возврат к списку