МУТАХАССИС ФИКРИ: Амалга оширилаётган лойиҳалар талаб қилинадиган газ ҳажмини таъминлашга хизмат қилади
Бугунги кунда табиий газни истеъмолчиларга етказиб беришда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг алоҳида ўрни бор. Ушбу жамият таркибида 8 та магистрал газ қувурлари бошқармаси, 2 та газни ер остида сақлаш иншооти ва 1 та унитар корхона мавжуд бўлиб, улар томонидан 13 минг 198 километр магистрал газ қувурлари, 420 та газ тақсимлаш станцияси, 22 та компрессор станциясининг ҳамда 2 та газни ер остида сақлаш иншооти эксплуатация қилинади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
"Ўзтрансгаз" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ўткир НУРИДДИНОВ ушбу қарор ижроси ва жамиятнинг 2022 йил I чорак якунлари ва соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг такомиллаштирилиши масалалари юзасидан ЎзА мухбирига интервью берди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан қиймати 1 043,3 миллион доллар бўлган 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, – деди Ўткир Нуриддинов. – Хусусан, “Газли” газни ер остида сақлаш иншоотининг фаол табиий газ жамлаш ҳажмини 10 миллиард метр кубгача ошириш, шунингдек, Газли конининг газ ва нефть уюмларида қўшимча геология қидирув ишларини бажариш ва уларни якунловчи босқичда ишлатиш инвестиция лойиҳасидир.
Лойиҳадан кўзланган мақсад узоқ муддат давомида эксплуатация қилиниб келинаётган Газли конини қайта ишлаш билан бирга, IХ горизонтда газ сақлашни кўпайтириш, X-ХIII горизонтлардан газ қазиб олишни тиклаш ва ХIII горизонтдан нефть қазиб олишни кўпайтиришдан иборат. Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида хорижий инвестор ҳисобидан 3 та баҳолаш қудуқлари қолдиқ захираларни қайта баҳолаш ва коннинг 3D моделини қуриш учун бурғиланди ва тадқиқот ишлари якунланди.
Шунингдек, “2021-2022 йилларда республика магистрал газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш” дастури бўйича тизимда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақсад амалдаги ва янги газ қувурларини қуришда рухсат этилган босимни ошириш ҳисобига республикада талаб қилинадиган газ ҳажмини таъминлашга қаратилган.
Дастурнинг 1-босқичи доирасида -416,5 км. пўлат қувурлар қурилиш майдончаларига етказилди. Шундан 337,4 км. қурилган магистрал газ қувурларнинг 113,5 км. қисми фойдаланишга топширилди. 189 км. қисми эса ишга тушириш учун тайёр ҳолга келтирилди. Дастурнинг 2-босқичи доирасида 175 км. янги магистрал газ қувурларини қуриш ҳамда “Газли” компрессор станциясида 10 дона газтурбинали двигателларни янгисига алмаштириш режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 44 км. магистрал газ қувурлари қурилди, 2 дона газ турбинали двигателлар келтирилди. Бош пудратчи томонидан яна 8 та газ турбинали двигателни тез кунларда олиб келиш чоралари кўрилмоқда.
Ўз навбатида, диаметри 1220 мм. бўлган “Газли – Чимкент” магистрал газ қувурининг 203 км. қисмида, диаметри 1020 мм бўлган “Муборак – Зирабулоқ” магистрал газ қувури II тармоғи 102 км. участкасида поршень қурилмаси ёрдамида қувур ички сирти тозалаш ишлари бажарилди. Республика истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида 11 та компрессор станциясида 58 та газ компрессор агрегатларининг узлуксиз ишлаши таъминланди.
Бошқарув аппарати масъулларидан иборат “Ўзтрансгаз” АЖ таркибий бўлинма ва ташкилотларида меҳнат муҳофазаси, саноат, ёнғин, газ, электр ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва экология ҳолатини текшириш бўйича доимий ҳаракатдаги комиссияси 3 та корхонада текширув ўтказган ва 121 та турли хилдаги камчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хавфли ишлаб чиқариш объектларида шахс ва жамиятнинг авариялар, нохуш ҳодисалардан ҳамда уларнинг оқибатларидан ҳаётий муҳим манфаатлари ҳимояланганлиги ҳолатини муҳофаза қилиш бўйича режага асосан 609 та ўқув тактик машғулотлари ўтказилди.
2022 йил давомида “Ўзтрансгаз” АЖ мутахассис ва ишчи ходимларидан 877 нафари бир қатор ўқув марказларида режага асосан малака оширмоқда.
Таъкидлаш жоизки, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги фармонида белгиланган топшириқлар доирасида республика нефть-газ тармоғини трансформация қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар режалаштирилган. Унга кўра, 2021 йил 6 июлда “Ўзтрансгаз” АЖ ва “PROM EKO EKSPERT” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан “Ўзбекистон Республикаси магистрал газ транспорти тизимининг тармоқ кодекси” норматив ҳужжати ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур Тармоқ кодекси 10 та бўлим, 37 та боб ва 101 моддадан иборат бўлиб, ҳозир уни ишлаб чиқиш жараёнини жадаллаштиришга катта аҳамият қаратилган. Шу мақсадда ишлаб чиқилган ҳар бир бўлим лойиҳаларини босқичма-босқич тақдим этиб борилиши белгиланган ва лойиҳа бандларини жамиятнинг тегишли департамент ва мустақил бўлимлари масъуллари ҳамда таркибий бўлинма ва ташкилотларнинг “Хавфсизлик ва ишончлилик” 2 та бўлимнинг 90 та моддаси юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2021 йил 18 январда тасдиқланган “Республика нефть-газ тармоғини трансформация қилиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш “йўл харитаси”га кўра, Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ўзнефтгазинспекция” масъул ходимлари биргаликда 13 та бўлим, 24 та боб ва 79 та моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг “Газ таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Эътиборли жиҳати, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, бу борада эришилган натижаларни кенг оммага етказишда жамият ахборот хизмати фаолияти ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Куни кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзтрансгаз” АЖнинг 2022 йил I чорак якунлари ва соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг такомиллаштирилиши” мавзуида ўтказилган матбуот анжумани каби соҳага доир кўплаб тадбирлар бунга яққол мисолдир.