jins

Uztransgaz

24.03.2022

"Ўзтрансгаз" АЖ Ахборот хизмати мунтазам равишда ўзининг расмий каналлари орқали ташкилот фаолияти билан боғлиқ масалалар, келиб тушаётган шикоятлар юзасидан истеъмолчиларга маълумот бериб боради. Уларнинг қаторига Жамият томонидан жорий йилнинг 22 март куни эълон қилинган хабар ҳам киради. Унда магистрал газ қувурлари тармоғига уланган истеъмолчиларга аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан кафолатли таъминлаш мақсадида белгиланган ҳажмлар доирасида табиий газ етказиб берилаётгани, улар учун ҳеч қандай чеклов ўрнатилмагани ҳақида маълумот (https://t.me/uztransgazaj_info/2941) берилган эди.

Белгиланган ҳажм (Баланс) – бу ҳар йили ҳукумат томонидан белгиланган ҳудудбай аҳоли ва иқтисодиётнинг кунлик истеъмол талабларидан келиб чиқиб етказиб берилиши керак бўлган табиий газ ҳажми. Мазкур ҳужжатда белгиланган истеъмол кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда манбалар аниқланади, кўрсаткичларнинг бажарилиши эса табиий газ қазиб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва асосий истеъмолчилар (“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамда “Иссиқлик электр станциялари”) томонидан ижро учун қабул қилинади. Кўрсаткичлар бажарилишининг назорати корхоналарнинг диспетчерлик хизмати томонидан кунлик олиб борилади. "Ўзтрансгаз" АЖ вазифасига қазиб чиқарувчилардан (“Ўзбекнефтегаз” АЖ ва Лукойл Ўзбекистон кабилар) асосий истеъмолчиларга газ транспорт тизими орқали табиий газни етказиб бериш кирса, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газни етказиб бериш “Ҳудудгазтаъминот” АЖ зиммасига юклатилган. Истеъмол интизомини таъминлаш мақсадида "Ўзтрансгаз" АЖ диспетчерлик хизмати табиий газ истеъмолининг соатбай назоратини олиб боради ва уни етказиб беришда муаммолар юзага келишининг олдини олиш мақсадида асосий истеъмолчиларнинг диспетчерлик хизматларига маълумот ёки кўрсатмалар бериб боради. Шу орқали аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун керакли чоралар кўриш ҳақида сигнал берилади. Чунки газ транспорт тизимининг бирламчи вазифаси аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлашдир.

Шу ўринда жорий йил 23 март куни kun.uz сайтида эълон қилинган "Ўзтрансгаз"нинг ёлғон баёноти” (https://kun.uz/66440378) сарлавҳаси остидаги хабарга тўхталсак. Юқорида биз тилга олган диспетчерлик хизматининг хизмат хатига асосланиб, истеъмолчилар норозилигини келтириб чиқариши мумкин бўлган хабарнинг соҳа мутахассиси бўлмаган шахс томонидан тайёрлангани яққол кўриниб турибди. Хизмат хатининг аниқ таржимасини таржимонларга қолдириб, мазмунини содда қилиб тушунтирсак: факсограммада асосий истеъмолчилар Тошкент ва водий вилоятларида ҳаво ҳарорати пасайиши натижасида табиий газ истеъмоли кескин ошиши сабабли газ транспорт тизимида босим минимал кўрсаткичларга тушиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда ишлаши ҳақида маълумот берилган, холос. Бунда чекловлар киритилиши ҳақида на кўрсатма ва на топшириқ бор. 

Нима сабабдан хизмат хати чуқур таҳлил қилинмасдан, соҳа мутахассислари ёки "Ўзтрансгаз" АЖ Ахборот хизматидан расмий изоҳ олинмасдан оммага Жамиятнинг шаънига путур етказадиган шаклда тарқатилгани юзасидан kun.uz таҳририятидан жавоб кутиб қоламиз. 

Шу ўринда журналист ҳамкасбларимиз, блогерлардан ахборот тарқатишда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, ижтимоий резонанс бериши мумкин бўлган ахборотларга эҳтиёткорлик билан ёндашишни илтимос қилиб сўрар эдик. "Ўзтрансгаз" АЖ фаолияти билан боғлиқ саволларга Жамият Ахборот хизмати ҳар доим жавоб беришга тайёр эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. 

"Ўзтрансгаз" АЖ Ахборот хизмати

Возврат к списку