jins

Uztransgaz

15.07.2021

Жамият бошқарув раиси бошчилигида видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтган йиғилишда табиий газ таъминоти, инвестицион лойиҳалар ва капитал таъмирлаш, тизим корхоналарида 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши, маҳаллийлаштириш ва импортни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, шунингдек, табиий газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) жорий этиш ҳолати, кутилаётган иқтисодий ва молиявий натижалар таҳлил қилинди.

“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан жорий йил 1-ярим йиллигида  республика истеъмолчиларига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 110% кўп табиий газ етказиб берилган. 

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунга қадар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари юзасидан 70,43 км магистрал газ қувурларда нуқсонли қисмларни алмаштириш ишлари амалга оширилди. Бу йиллик режага нисбатан қарийб 80% ни ташкил этади. Реконструкция ишлари 117 км этиб белгилангани ҳолда, амалда 47 км бажарилгани танқид қилинди.

"Ўзтрансгаз" АЖ мамлакат газтранспорт тизимини модернизация қилишга қаратилган йирик дастурни амалга оширмоқда.  Унинг доирасида 511 км узунликдаги магистрал газ қувурлари жадаллик билан қуриляпти. Ҳозирда 110 км узунликдаги қувурларда пайвандлаш ишлари якунланди. 130 км узунликдаги қувурлар қурилиш майдонларига олиб келинган. 2021 йилга мўлжалланган магистрал газ қувурларини қуриш, реконструкциялаш, диагностика қилиш натижасида аниқланадиган нуқсонларни таъмирлаш ишлари 1 ноябрга қадар тугатилади. Йиғилиш давомида айни жараённинг бориши юзасидан масъуллар ахбороти тингланди.

Учрашувда куз-қиш мавсумига қадар 123 та газ тақсимлаш станцияси(ГТС)да олиб борилиши режалаштирилган модернизация ишларини ўз муддатида якунлаш, модернизация жараёнлари учун хорижий ҳамкорларни жалб этиш, келгуси йилда харид қилинадиган моддий-техник ресурслар ва хизматлар режасини эртароқ аниқлаштириб олиш, модернизация ишларини жадаллаштириш юзасидан зарур топшириқлар берилди. 

Шунингдек, Президент фармонида кўзда тутилган – Жамият инвестицион жозибадорлигини ошириш, унда замонавий бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида “Ўзтрансгаз” АЖ қатор хорижий компаниялар хусусан, “Worley”, “Boston consulting group”, “KPMG”, “Deloitte”, “Ernst&Young” билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Уларнинг хулосалари асосида Жамиятнинг бугунги ҳолатига баҳо бериш, истиқболда уни замонавий талаблар асосида ривожлантиришга эришилади. Йиғилишда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда "Ўзтрансгаз" АЖнинг жорий йил иккинчи ярми учун тасдиқланган иш-режасида белгиланган устувор вазифаларга алоҳида урғу берилди. Жумладан, 2021-2022 йил куз-қиш мавсумига пухта тайёрланиш, 1 октябрига қадар 17,77 км нуқсонли қисмларни алмаштириш ҳамда 70,12 км реконструкция ишларини якунлаш режалаштирилган. Газни ер остида сақлаш иншоотларидаги газ заҳираси 3 млрд. куб метрга етказилади. Шунингдек, магистрал газ қувурларининг ҳимоя майдонларидаги ноқонуний қурилмаларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш жараёнини жадаллаштириш, шунингдек табиий газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизими(АСКУГ)ни ишга тушириш орқали диспетчерлик хизматида тўлиқ автоматлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳақида қатъий топшириқ берилди.

Жорий йилнинг иккинчи ярмида “Boston consulting group” Жамиятнинг ўрта ва узоқ муддатли стартегияси ҳамда 3 йиллик бизнес режасини ишлаб чиқиши режалаштирилган. Шунингдек “KPMG” томонидан операцион самарадорликни ошириш бўйича йўл харитасини тақдим этиши кутилмоқда. Натижада "Ўзтрансгаз" АЖ фаолиятида замонавий бошқарув усуллари ва бозор тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ҳамда рақобат муҳитини янада яхшилаш имконияти яратилади.

Возврат к списку