jins

Uztransgaz

01.10.2020

“Оҳангарон” Саноат майдони Тошкент Магистрал газ қувурлари бошқармасининг муҳим тармоғи ҳисобланади. 2009 йил 5 октябрдан буён фаолият юритаётган ушбу станция Фарғона водийси вилоятларининг аҳолиси ва бошқа истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлашга хизмат қилади. Табиий газ мазкур тармоқ орқали Қамчиқ довони тоғ ён бағирларидан ўтувчи 165 км масофада жойлашган Оҳангарон – Пунгон Магистрал газ қувури бўйлаб истеъмолчиларга етказиб берилади. Табиийки, мураккаб шароитда бунёд этилган бу тармоқдан фойдаланишдаги меҳнат жараёни ҳам ўзига хос заҳматли кечади. Станцияда фуқаро муҳофазаси ва тармоқнинг беталафот ишлашини таъминлаш учун эса ходимларнинг кўникма ва малакаларини ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Куни-кеча станцияда шу йўналишда ўқув-тактик машғулотлари ташкил этилди.


Муҳим тоифаланган объектлар қаторига кирувчи компрессор станциясида юз бериши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларни бартараф этишга қаратилган тактик машғулотларда - оператор ва ишчи-ходимлар билан бирга бошқа тезкор хизматларнинг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Станцияда шартли равишда содир бўлган техноген ҳодиса ҳақида тезкор ахборот бериш, ҳодиса нуқтасидан жабрдийдани қутқариш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, газ қувурида пайдо бўлган ёнғинни бартараф этиш ва станцияга ғаразли мақсадда киришга уринишнинг олдини олиш каби машқларда қандай ҳаракат қилиш зарурлиги яна бир бор тажрибада синаб кўрилди. Машғулотлар якунида барчага тегишли кўрсатмалар берилди. Бундай тайёргарлик машғулотлари эса, реал воқеликда ўз сўзини айтиши шубҳасиз.


“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати

Возврат к списку