jins

Uztransgaz

31.10.2020


Хабар берилганидек, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан Пресс-тур ташкил этилди. 30 октябрь куни ОАВ вакиллари Газли Магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли Компрессор станцияси фаолиятини кўздан кечирдилар.


Ушбу станция бошқарманинг стратегик аҳамиятга эга бўлган тоифаланган объекти ҳисобланади. Иштирокчиларга дастлаб техника хавфсизлиги қоидалари тушунтирилди.


Сўнгра журналистлар станциядаги асосий функцияни бажарувчи Газ ҳайдаш агрегатларининг иш жараёнини бевосита кўздан кечирдилар. Бир қарашда сершовқин ва одорант ҳиди сезилиб турувчи бу агрегатлар ёнида туришнинг ўзи ҳам соҳа фаолияти билан яқиндан таниш бўлмаган кишини бироз таҳликага солиши шубҳасиз. Лекин соҳада меҳнат қилувчи ишчи-ходимлар бу сершовқин муҳитга кўникиб кетишган.


Мутахассислар журналистларга объектнинг бажарадиган функцияси, яъни бу агрегатлар орқали табиий газ узоқ манзиллар сари узатилиши жараёни ҳақида батафсил айтиб бердилар.  


  Журналистлар танишган кейинги манзил Газни ер остида сақлаш иншооти бўлди. Ушбу иншоот 1988 йилда Газли номли заҳираси тугатилган коннинг IX горизонтида барпо этилган бўлиб, газ истеъмолидаги йиллик номутаносибликларни тартибга солишга мўлжалланган Республика газ транспорт тизимидаги муҳим объект ҳисобланади. Унинг лойиҳавий қуввати 3,0 млрд. куб. м фаол ҳажмдаги газни сақлаш имкониятига эга. Жорий йилда ГЕОСИга 2 млрд. 800 млн. куб. м дан ортиқ табиий газ жамғарилди, 40 та қудуқ жорий ва капитал таъмирланган ҳолда объект қишки мавсумига тайёрланди. 


Маълумки, “Ўзтрансгаз” АЖ мамлакатимизда давом эттирилаётган кўплаб ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.


Жамият томонидан Газли шаҳридаги №25 сонли мактабгача таълим ташкилоти учун 210 ўринли янги бино қуриб октябрь ойида фойдаланишга топширилди.


ОАВ воситалари вакиллари ушбу муассасада ҳам бўлдилар ва кичкинтойлар учун яратилган қулайликлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар.


Бу маълумотлар турли ахборот воситаларида ёритилиши кутилмоқда.



 “Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати

Возврат к списку