КЎКРАК НИШОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
06.10.2020
Бугунги кунда бутун инсоният қатори кўп миллатли халқимиз ҳам коронавирус пандемияси оқибатида юз берган оғир синов ва қийинчиликларга қарши матонат билан кураш олиб бормоқда. Бу офатнинг мамлакатимиз ҳаётига салбий таъсирини юмшатиш, фуқаролар саломатлигини асраш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар самарасини бермоқда. Глобал пандемия каби фавқулодда ҳолатларга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, беғараз хомийлик ёрдами кўрсатиш каби эзгу ишлари билан ўрнак бўлаётган юртдошларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йил 26 августда имзоланган фармонга кўра бир неча нафар фидойилар “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотланди. Тақдирланганлар орасида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида меҳнат қилаётган ходимлар ҳам бор. Улардан бири Зирабулоқ МГҚБ бошлиғи Шерқул Орзиевдир. Тизимда кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган тажрибали ҳамкасбимиз меҳнат жамоасида хурмат-эътибор қозонган ва муносиб номзодлардан бири эди. Унга кўкрак нишони Нарпай туман хокимлигида топширилди.

Газли шаҳарчасида бунёд этилган болалар боғчасининг очилиш маросимида иштирок этиб, сўзга чиққан Ромитан тумани ҳокими Х.Тохиров коронавирус пандемияси даврида, халқимиз бошига тушган синовли кунларда мурувватпеша юртдошларимиз саховат кўрсатишаётгани, улар кўмагида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига моддий ва маънавий ёрдам берилганини таъкидлади. Шаҳарчада фойдаланишга топширилган янги иншоотнинг қуриб битказилишида фидойилик қилган ва бошқа қатор савобли ишларга бош-қошлик қилган “Газли” МГҚБ бошлиғи Шуҳрат Хайдаровнинг ҳам Президентимиз фармонига кўра мукофотланган юртдошларимиз қаторида эканлигидан мамнунлигини билдирди. Тантанали маросимда ушбу жонкуяр ҳамкасбимизга “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди.

Тақдирланганлар ўзларининг самимий мулоҳазаларини билдирар экан, бундай эътироф келгусида амалга ошириладиган янада хайрли ишларга туртки бўлишини таъкидлашди. Мукофотлар муборак бўлсин, азиз ҳамкасблар!
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати