jins

Uztransgaz

08.10.2020

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқарув аппаратида ва тизимдаги корхоналарда фуқаро мурожаатлари ҳамда уларнинг ечимини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Муборак Магистрал газ қувурлари бошқармасида мурожаатлар билан ишловчи юрисконсульт-масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган семинар-машғулоти шу йўналишда навбатдаги тадбир бўлди. Унда Газли, Зирабулоқ, Муборак МГҚБлари ва “Урганчтрансгаз” унитар корхонаси ҳамда унинг тасарруфидаги Ақчалоқ, Қўнғирот, Тулей, Заунғур МГҚБлари, Хўжейли газ қувурларидан фойдаланиш хизмати ва Қўнғирот технологик сув таъминоти бошқармасининг ходимлари учун машғулот ўтказилди.


Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ва қонун ости ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганишга бағишланган семинар-машғулотда “Ўзтрансгаз” АЖ Бошқарув раисининг ишончли вакили сўзга чиқиб, сўнгги пайтларда ўтказилган ўрганишларда мурожаатлар билан ишлаш бўйича йўл қўйилган бир қатор хато ва камчиликлар аниқлангани, уларни зудлик билан бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. Юқорида қайд этилган меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилганидек, бошқармаларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, рўйхатга олиш, ҳисоботини юритиш ва кўриб чиқилиши масъул ходимга юклатилган бўлиши зарурлиги, ташқаридан келаётган мурожаатчилар учун ушбу корхонанинг тўлиқ номланиши, “Ўзтрансгаз”АЖ логотипи туширилган стендлар бўлиши, умуман олганда барча зарур маълумотлар акс эттирилиши зарурлиги қайд этилди.


Семинарда ҳар бир корхонада ишонч телефонлари мавжуд бўлиши, йил давомида бошқарма раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказиб борилиши ҳамда оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш каби талаблар эслатиб ўтилди. Қайд этилганидек, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 15 кундан 1 ойгача қилиб қатъий белгилаб қўйилган, мурожаат муаллифига жавоб хати қачон юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки Ўзбекистон почтаси чиптаси ҳам бўлиши жоиз. Қабулларнинг натижадорлигига эришиш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлиги йиғилганларнинг эътибор марказида бўлди. Ўзаро тажриба алмашиш имконини берган ушбу семинар таассуротларга бой ўтди. Семинар якунида 2020 йилнинг 4-чорагига режалаштирилган шу мавзудаги машғулотни Газли МГҚБда ўтказиш белгилаб олинди.

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати

Возврат к списку