МАВСУМДА ВОДИЙ ВИЛОЯТЛАРИНИ ТАБИИЙ ГАЗ БИЛАН БАРҚАРОР ТАЪМИНЛАШ УЧУН...
03.11.2020
Фарғона водийси вилоятлари учун табиий газ Қамчиқ довонидан (денгиз сатхидан 2268 метр баландликда) ўтувчи “Оҳангарон-Пунгон” магистрал газ қувури орқали етказиб берилади. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек “Фарғонаазот” АЖ, Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи, “Тўрақўрғон” ИЭС, “Қувасой цемент” АЖ каби йирик корхоналар ҳам шу қувур орқали табиий газ билан таъминланади.
Бугунги кунда Фарғона Магистрал газ қувурлари бошқармаси (МГҚБ) томонидан 110 та газ тақсимлаш станцияси(ГТС)га хизмат кўрсатилмоқда. Шу кунларда мавжуд ГТСларни ҳамда магистрал газ қувурларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун режалаштирилган ишлар 100% га бажарилди. Дренаж ва ўлчов тармоқларида гидрат тиқинлари пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича 114 та, газ тақсимлаш шаҳобчалардаги очиб-ёпиш мосламалари ва босим ростлагичларнинг тафтишдан ўтказиш бўйича режалаштирилган 1795 та ишлар тўлиқ уддаланди.

Фурқат тумани аҳолиси ва ишлаб чиқариш корхоналарини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида “Совхоз-Қўқон” ГТСсидаги амалда бўлган диаметри 100 мм қувурлар - диаметри 300 ммли қувурга алмаштирилди. Ҳозирда ушбу қувур синовдан ўтказилиб, магистрал газ қувурига улаш ишлари олиб борилмоқда.
Куз-қишга тайёргарлик жараёнида узатиш тармоғидаги йўқотишларга барҳам бериш, ускуналарни зўриқишдан муҳофаза қилиш мақсадида “Сўх-Наманган-Андижон” магистрал газ қувурининг 2-тармоғи 61 км қисмида поршен қўйиш узели қуриб битказиб ишга туширилди, натижада диаметри 700 мм ли “Сўх-Наманган-Андижон” магистрал газ қувурида 159 км қисмининг ички юзаси поршен қўйиш орқали тозаланди. Шунингдек, “Оҳангарон-Пунгон” магистрал газ қувуридаги 156 км қисмининг ички юзаси ҳам поршен қўйиш орқали мунтазам тозаланмоқда.

Айни кунларда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан “Оҳангарон – Пунгон” магистрал газ қувурига лупинг қуриш” бўйича инвестицион лойиҳа амалга ошириляпти. Лойиҳа доирасида Оҳангарон-Пунгон магистрал қувурининг аномал участкасига лупинг (параллел қувур) қуриш эвазига Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлашни барқарорлаштириш ва юз бериши мумкин бўлган фавқулотда ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш имкони яратилади. Ҳозирги кунда пудратчи EPSILON (EDC) компанияси томонидан “Оҳангарон-Пунгон” асосий газ қувурида диаметри 1020 мм узунлиги 25 км бўлган лупинг қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунгача юқори тоғ шароитида қувурлар ётқизиш учун 7,5 км йўлак тайёрланди, 17 км қувур йўлакка олиб келинди.

Жорий йил сентябрь ойида Энергетика вазири А. Султонов, “Ўзтрансгаз” АЖ Бошқарув раиси У.Сайидовлар раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида бўлиб, 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларига энергия ресурсларини етказиб бериш бўйича жойлардаги тайёргарлик ҳолатини ўрганишди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича МГҚБга бир нечта тавсиялар берилди. Ушбу топшириқлар асосида 2020/2021 йиллар куз-қиш даврига магистрал газ қувурларни ва ГТСларни тайёрлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Белгиланган режага кўра турли хил диаметрдаги қарийб 6,5 км заҳира қувурлари яратилди.

Октябрь ойининг сўнгги кунлари Энергетика вазирлиги ишчи гуруҳи вакили А.Эшонқулов Фарғона МГҚБда бўлиб, 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди. Бажарилаётган ҳар бир тадбир меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги қоидаларига қай даражада мос эканлигини кўриб чиқиб, қўшимча тавсиялар берди.

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати