Мурожаатлар билан ишловчи масъуллар тажриба алмашишди
23.12.2020
“Ўзтрансгаз” АЖ Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармасида Тошкент, Ғаллаорол, Самарқанд МГҚБ ҳамда Хўжаобод ва Шимолий-Сўх газни ер остида сақлаш иншоотларининг мурожаатлар бўйича масъул ходимлари иштирокида семинар-машғулот ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда қонун ости ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти тўғрисида сўз борди.
Мавжуд қоидаларга кўра, ҳар бир ташкилотда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун тегишли ходимга йўналтириш, мурожаатлар ҳисоботини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш бўйича масъул ходимга юклатилган бўлиши зарур. Корхона биносига кираверишда унинг қайси корхона эканлигини билдириб турувчи стендлар ва логотиплар бўлиши, фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилиши ва у замонавий талабларига жавоб бериши зарур. Қабулхонага кираверишда бошқарма раҳбарияти ва “Ўзтрансгаз” АЖ Бошқарув раиси ҳамда унинг ўринбосарлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш вақти кўрсатилиб, тасдиқланган жадвал, ўтказиладиган сайёр қабулларнинг режа-графиги бўлиши, фуқароларни рўйхатга олиш ва мурожаатларни қайд қилиш журналлари юритилиши лозим. Мурожаатлар учун ишонч телефони бўлиши ҳам заруриятлардан бири.
Жойларда ўтказилган ўрганишлар айрим бошқармалар фаолиятида қатор хато ва камчиликлар бор эканини кўрсатди. Семинар давомида уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўриш зарурлиги айтилди.

Иштирокчилар ўз тажрибаси мисолида мурожаатлар билан ишлаш бўйича ташкил этилган шароитлар, мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида фикр алмашишди.