jins

Uztransgaz

29.03.2021

“Ўзтрансгаз” АЖ тизимида бир нечта магистрал газ қувурлари бошқармалари фаолият юритади. Географик жиҳатдан улар республикамизнинг турли нуқталарида жойлашган. Наврўз сайлида таркибий тузилмалар миллий анъаналари, урф-одатлари, миллий таомлари намойиши билан иштирок этди.

Тухумбараку-кўкбараклар, капширмаю-гуммалар, гўштдан тайёрланадиган, фақат шу ҳудуднинг ўзигагина хос бўлган ижжон... Айни таомлар Хоразм ошхонасига оидлиги барчага аён. “Урганчтрансгаз” УК ўзи учун ажратилган майдонда ҳудуд миллий либослари, миллий мусиқаси садоси остида меҳмонларни кутиб олди. “Урганчтрансгаз” УК таркибига кирувчи, Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган бошқармалар ҳам байрамга ўзгача ҳозирлик кўргани билинди.

Андижон полькасининг қувноқ садолари, қочиримга бой аскиялар, девзира гуручидан дамланган, коватакли фарғонача палов, зоғора нон... Фарғона МГҚБ, Хўжаобод ва Шимолий Сўх газни ер остида сақлаш омбори жамоалари ҳақиқий водий атмосферасини ярата олишди.

Газли, Зирабулоқ, Когон, Самарқанд МГҚБ учун ажратилган майдонлар нафақат айни ҳудудларга мос тўкин дастурхон, балки келин салом, дўмбира жўрлигида куйланган миллий қўшиқлар намойиши билан ёдда қоларли бўлди. 

Ғаллаорол, Муборак МГҚБ жамоаларининг Наврўзга тайёргарлиги ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Улар меҳмонларни миллий созлар садосию, келин саломлар билан миллий либосларда қарши олишиб, баҳорий таомлар, айниқса ширвоз гўштига таклиф этишгани кўпчиликнинг эсида қолди. Ҳудудга хос ананалар ўзгача кайфиятда тақдим этилди.

Тошкент МГҚБ жамоаси нафақат сархил ноз-неъматларга бой дастурхони, балки барчага қувноқ кайфият улашган саҳна кўриниши билан барчага манзур бўлди.




Возврат к списку