jins

Uztransgaz

18.09.2020

Тошкент вилоятининг янги маъмурий маркази Нурафшон шаҳрида аҳоли учун барча шарт-шароитларни яратиш, инфратузилма ва коммуникацияларни янгилаш жараёни кетмоқда. Шаҳарда турли иншоотлар қурилиши ва саноат корхоналарининг кўпайиши эса албатта табиий газга бўлган эҳтиёж ҳажмини ҳам оширади. Бу шунингдек, Нурафшонлик истеъмолчиларига хизмат кўрсатувчи “Ўрта Сарой” Газ тақсимлаш станциясини модернизация қилиш заруриятга айланганини билдиради. Вазиятни инобатга олган ҳолда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти буюртмасига кўра Газ тақсимлаш станцияси янгитдан қурилмоқда.

Янги станциянинг қуввати олдингига нисбтан 2 баробарга ортади. ГТС шу пайтгача соатига 30 минг метр куб табиий газни тақсимлаш қувватига эга бўлган бўлса, энди бу кўрсаткич соатига 60 минг метр кубга етказилади. Бу эса шаҳарнинг соатига 53 минг метр куб ҳажмдаги талабидан бир мунча кўп кўрсаткич. Ушбу лойиҳани тез суръатларда амалга ошириш учун “Тошкентнефтегазқурилиш” акциядорлик жамиятининг 10дан ортиқ техника воситалари ва 30 нафарга яқин қурувчилари 2 навбатда иш ташкил этилган ҳолда меҳнат қилмоқда. Станциягача 450 метр масофада кириш йўли, электр тармоғи учун бетон таянч устунлари ўрнатилди ва трансформатор қурилди. Табиий газ таъминоти станциядан қарийб 200 метр узоқликда жойлашган магистрал тармоқ орқали амалга оширилади. 

Эътиборли жиҳатлардан яна бири энди ГТС аҳоли пунктидан анча ичкарироқда демакки, хавфсиз бўлади. Операторлар учун иш ва дам олиш хоналарини қуришда ҳам замонавий лойиҳа ҳамда энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилди. Айни кунларда қурилишнинг технологик жараёнлари 90 фоиздан ортиқроққа битказилган. Станция қурилиши тез кунларда якунланиб Нурафшонликларга топширилади.

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати


Возврат к списку