ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ
21.10.2020

21 октябрь - санаси мустақил Ўзбекистонимиз тарихига Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида кирган. Ҳозирга келиб бу кун алоҳида Қонун билан Ўзбек тили байрами сифатида мустаҳкамлаб қўйилган...
Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Она тилимиз кўнгил мулкимиз, давлатимизнинг улуғ тимсолидир. Республикамиз Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат билан 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиш таклифи маъқулланди. Республика Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Департамент ташкилотчилигида нафақат республикамизда, балки жаҳон миқёсида ўзбек тилининг ривожланиши бўйича жадал ва самарали саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида ҳам давлат тилида иш юритишни самарали ташкил этиш билан боғлиқ алоҳида буйруқ ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда унинг ижросига қатъий амал қилинмоқда.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида она тилимизда қилган нутқи ўзбекистонликлар қатори хорижда яшаётган барча ўзбеклар ҳамда жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотгани шубҳасиз ва жуда қувончли воқеа бўлди. Чунки, шу кунга қадар бу каби муҳим тадбирларда халқаро тил сифатида эътироф этилган саноқли тилларда сўзлаш урфга кирганди. Давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилидаги нутқи айни шу тартибда янгилик бўлди. Муҳими, Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида асосий мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш эканлиги, бу борада БМТ шафелигида пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этганлиги, ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлигини қайд этганлиги жаҳон давлатлари ва сиёсатчилари учун янги ғоянинг юзага келишига сабаб бўлди. Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7100 дан ортиқ тилда сўзлашар экан. Ана шу тилларнинг атиги 1 %да дунё аҳлининг 90 фоизи гаплашади. Қолганлари жуда кам миқдорда аҳоли гаплашадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетмоқда. Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор 1 % га киради. Ўзбек тилида дунё бўйича 40 миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан биридир.
Илмий мақолаларда келтирилишича, ўзбек тилининг тарихи минг йилликларни ўз ичига олади. Ўрта асрларда Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий сингари алломалар ўз асарларини туркийда ёзиб, тилимизнинг ривожига ҳисса қўшишди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий эса чин маънода бугунги ўзбек адабий тилининг пойдеворини мустаҳкамлади. Унинг ташаббуси билан она тилимиз Хуросон мулкининг давлат тилига айланди. Навоий илк бор ўзбек тилида “Хамса” яратиб, буюк девонлар тузиб, унинг бошқа тиллардан кам эмаслигини исбот этди. Ўз байтларида нафақат ўзбек тилининг бойлиги ва нафосати, балки ўзбек элининг миллий қиёфаси, қадриятларини ҳам намоён этган.
ЮНЕСКО ташкилоти экспертларининг қайд этишича, давлат тили – сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек, ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.
Юқорида келтирилганидек, ўзбек тилимиз ҳозирча хавф остидаги, йўқолиб бораётган тиллар гуруҳига кирмайди. Аммо ўзимиз аждодларимиздан мерос бўлиб келган она тилимизни асрамас, унга амал қилмас эканмиз, миллатимиз ва маънавиятимиз келажагини хавф остида қолдирамиз. Уни энг аввало, ўзимиз ҳурмат қилишимиз керак.
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати