jins

Uztransgaz

08.01.2021

Когон магистрал газ қувурлари бошқармаси “Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги муҳим ва узвий боғлиқ таркибий тузилмалардан бири. Газли МГҚБ таркибида Саноат майдони сифатида иш юритиб келган таркибий бўлинма томонидан амалга ошираётган ишлар салмоғи эътиборга олиниб, 2020 йилда унга Бошқарма мақоми берилиб, қайта ташкил этилди. Бу эса меҳнат жамоасининг иш самарадорлигига ва ходимлар учун шароитларни янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Бошқарма таркиби - Компрессор станцияси, Тармоқ эксплуатацияси хизмати, Газ тақсимлаш ва газни ўлчаш станцияларини эксплуатация қилиш хизмати ҳамда Ёрдамчи бўлимдан иборат


Когон МГҚБга қарашли тармоқ эксплуатацияси хизмати томонидан бугунги кунда 1050 кмга яқин (диаметри 720 – 1020 мм) юқори босимли газ қувурларини доимий равишда хавфсиз ва талафотсиз ишлаши таъминланмоқда. Газ тақсимлаш ва газни ўлчаш станцияларини эксплуатация қилиш хизмати эса Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудларида жойлашган 27 та ГТСга масъул. Улар аҳоли, саноат корхоналари ва бошқа улгуржи истеъмолчиларга табиий газни хавфсиз ва бир меъёрда етказиб беришга ҳизмат қилмоқда.


2020 йилда Когон МГҚБ объектларида бир қатор реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди. Жумладан: “Газли-Когон” магистрал газ қувурининг иккинчи тармоғида умумий узунлиги қарийб 50 км бўлган диаметри 720 ммли қувур диаметри 1020 ммли газ қувурига алмаштирилди. Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Ташкент магистрал газ қувури йўналишининг иккинчи тармоғининг 10 кмлик маънан эскирган қисми диаметри 1020 ммли юқори босимли газ қувурларига янгиланди. Натижада магистрал газ қувурининг ўтказувчанлик қуввати ошди.


2020 йилда Президент топшириғига асосан, Бухоро вилояти Қоракўл ва Олот туманлари аҳолисининг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Қоракўл-Олот” ГТСга уланган икки тармоқдан иборат (диаметри 320 мм) Қоракўл-Олот магистрал газ қувурига қўшимча равишда 38 км масофада қувур тармоғи қурилди. Бу йўналишда диаметри 720 мм бўлган юқори босимли газ қувурининг ўтказилиши тармоқнинг ўтказувчанлик имкониятини оширди. Табиий газ босимини ошириш билан бир қаторда, замон талаблари асосида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилиб, замонавий ГТС барпо этилди.


Бажарилган ишлар, эришилган натижаларнинг бари халқимизни табиий газ билан кафолатли таъминлашга хизмат қилади.


Возврат к списку