Сарҳисоб: Самарқанд магистрал газ қувурлари бошқармаси
07.01.2021
Магистрал газ қувурлари тизимидаги Самарқанд магистрал газ қувурлари бошқармаси 2019 йил ноябрида “Зирабулоқ” МГҚБ таркибидан алоҳида бошқарма сифатида ажралиб чиққан. Бугунги кунда 200га яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган бошқарманинг Тармоқ эксплуатация хизмати томонидан Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳудудидан ўтувчи 430 км дан ортиқ “Шўртан-Сирдарё” ва Самарқанд вилояти ҳудудида жойлашган “Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент” магистрал газ қувурларининг 176 кмга яқин қисмига хизмат кўрсатилмоқда.

2020 йилнинг май ойида “Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент” магистрал газ қувурининг Қорадарё устидан ўтувчи қисмини тутиб турувчи 12 дона таянчлари алмаштирилиб, магистрал газ қувурининг ҳаводан ўтиш қисмлари мустаҳкамланди. Шунингдек, ўтган йилнинг октябрь ойида айни йўналишда мавжуд нуқсонли қисмлар аниқланиб, магистрал газ қувури алмаштирилди

Магистрал газ қувурларини коррозиядан ҳимоя қилиш масаласи қувурлар ўтказувчанлигининг барқарорлигини таъминлашда жуда муҳим. Электрокимёвий ҳимоя, электр ва сув таъминоти хизмати айни йўналишда иш олиб боради. Хизмат томонидан 2020 йил давомида “Шўртан-Сирдарё” магистрал газ қувурининг 213 километридаги электрокимёвий ҳимоялаш станцияси қайта тикланди.

Бошқарманинг Газ тақсимлаш, газни ўлчаш станцияларини эксплуатация қилиш хизмати томонидан 17 та газ тақсимлаш станцияси ва 1 та ўлчов станцияларига хизмат кўрсатилади. 2020 йил давомида хизмат томонидан “Жомбой”, “Самарқанд”, “Намуна” ва “Тайлоқ” газ тақсимлаш станциялари қайта таъмирланиб, намунали станция ҳолатига келтирилди. Мазкур ГТСларда технологик қурилмаларни ҳимояловчи айвон-соябонлари қуриб, ўрнатилди.

“Шўртан-Сирдарё” МГҚ 338 км газ ўлчов станциясига қўшимча ўлчов тармоғи қурилди.
2021 йилда бошқарма томонидан Газ транспорти тизими иншоотларининг барқарор ва беталафот ишлашини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар режалаштириб қўйилган. Хусусан, ЖБСТ магистрал газ қувурининг маълум қисмларининг ГТСларга кириш қисми кранларини алмаштириш, айни йўналишни коррозиядан ҳимоялашга хизмат қилувчи 64 дона потенциал ўлчаш қурилмаларини (КИК) ўрнатиш, “Намуна” ГТС ҳаво узатиш тармоғини қайта тиклаш, “Шўртан-Сирдарё” МГҚнинг айрим электрокимёвий ҳимоялаш станцияларини ички имкониятлар ҳисобига тиклаш, ГТСни капитал таъмирлаш шулар жумласидандир.