Сарҳисоб: Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси
12.01.2021
“Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги Табиий газни тақсимлаш ва истеъмолчиларга бир маромда етказиб беришга масъул таркибий тузилмалардан бири бўлган Тошкент МГҚБ томонидан бугунги кунда 740 км га яқин магистрал газ қувурлари ва 41 та Газ тақсимлаш станциясига (ГТС) хизмат кўрсатилмоқда. Якунланган йилда бошқарма томонидан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, “Янгиер-Тошкент” магистрал газ қувурининг 18 км, “Оҳангарон-Олмалиқ” МГҚнинг қарийб 5 км қисмида диаметри 530 мм газ қувури диаметри 720 мм бўлган қувурга алмаштирилди. Қувурларни кўчириш давомида салкам 9 км масофада пайвандлаш ишлари бажарилди. Тармоқ гидравлик синовдан ўтказилди, пўлат қувурнинг ички қисми поршен юбориш йўли билан тозаланди.

“Меҳнатобод-1” ГТСда Оққурғон тумани аҳолиси учун, “Гулбаҳор” ГТСда эса Чиноз тумани Пахта маҳалласини табиий газ билан таъминлаш мақсадида алоҳида тармоқ қурилди ва “Бўзсув-2” ГТС ишга туширилди. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун “Оҳангарон-2” ГТСда қўшимча ўлчов тармоғи қуриб битказилди, “Қуйи Чирчиқ Тош Бизнес” ГТС қурилиб фойдаланишга топширилди. “Шарқий-2” ГТСдаги 4та ўлчов тармоғи ишчи ҳолатига келтирилди. “Тўй-Тепа” ва “Димитрово” ГТС капитал таъмирланиб, намунали ҳолатга келтирилди. 4 та ГТС реконструкция қилиниб, 12 та ГТС жорий таъмирланди. Газ ҳисоблаш ускуналарининг электр таъминоти тафтиш қилиниб, зарарланган қисмлари алмаштирилди. “Ғазалкент”, “Паркент”, “Ўзбекистон”, “Тўй-Тепа” ГТСнинг ёрдамчи байпас тармоғининг ўтказувчанлик қуввати оширилди.

“Оҳангарон” компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати ўрта ва жорий таъмирланди, 2 та агрегатнинг компрессорга кирувчи газ қувури алмаштирилди. Тошкент МГҚБ саноат майдончаси ва “ТашГРЭС” ГТСда реактив қувватни компенсация қилувчи 4та қурилма ўрнатилди.

Бошқарма томонидан 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар салмоғи ҳам анча катта. Янгиер-Оҳангарон МГҚ узунлигини ошириш, Сергели тумани аҳолисини табиий газ билан таъминлашни яхшилаш учун янги ГТС қуриш, Паркент, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ тумани аҳолисига газ етказиб берувчи “Ўзбекистон” ГТСни модернизация қилиш, “Паркент” ГТСни қайта қуриш, 7 та ГТСнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш учун ўлчов тармоғини реконструкция қилиш ва мавжуд ўлчов тармоқлари ишлаб чиқариш қувватини ошириш шулар жумласидан.

