СПОРТ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ
07.11.2020
Жорий йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган жуда муҳим жиҳатлар ўз аксини топган. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзоларининг ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаш, улар ўртасида мусобақалар ташкил этиш кўзда тутилган. 2021 йил 1 июлдан бошлаб, вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ва ходимларининг антропометрик кўрсаткичларини баҳолаш йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти - Фармон ижросига киришган дастлабки меҳнат жамоалардан бири бўлди. Дам олиш куни эрталабки тоза ҳавода жамият ижроия аппарати раҳбар ва ходимлари пойтахтимиздаги ЭКО-ПАРКда жам бўлдилар. Мақсад бир, у ҳам бўлса - соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатликни жисмоний машқлар ёрдамида муҳофаза қилишга қаратилган.

Президентимизнинг ушбу фармони глобал пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳар бир юртдошимизда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш орқали касалликка қарши кучли иммун тизимини шакллантириш мақсадида қабул қилинган. Аслида ҳам айнан инсон ҳаёти ва саломатлиги нафақат оила ва жамият фаровонлиги, балки мамлакат барқарорлигининг муҳим шартидир. Буни тўғри хис қилган “Ўзтрансгаз” АЖ аҳил жамоаси спорт тадбирида бажону дил иштирок этдилар. Спорт машғулотлари профессионал спортда ижобий натижалар қайд этган тажрибали тренер А.Хайдаров томонидан ўтказилди. Дастлаб боғ бўйлаб пиёда юриш машқи бўлди.

-Давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича куни-кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам - "60 фоиз ҳолатда коронавируснинг оғир кечиши нотўғри турмуш тарзидан келиб чиққан йўлдош касалликларга боғлиқлигини кўрсатди. Яъни соғлом турмуш тарзи тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларни олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча бирдек тушуниши керак"лиги қайд этилди. Шу маънода биз ҳам “Соғлом танда – соғ ақл” деган шиор остида яхши ниятда спорт тадбирларимизни бошладик. Бу бир марта эмас, балки келгусида спорт машғулотларимизни ҳар хафта ўтказишни анъана тарзига айлантирамиз, дейди жамият ижроия аппаратининг Касаба уюшма қўмитаси раиси М.Норматова.

Дарвоқе, бу спорт тадбирига барча ўз қалб амрига қулоқ тутган ҳолда келиб иштирок этганлари эътиборлидир. Аслида бундан аввал ҳам мусобақалар ўтказиб турилар, спорт заллари ва сузиш ҳавзаларига ойлик чипталар бериб борилар эди. Пандемия тартиби жорий қилингач, бу тадбирлар маълум вақт тўхтаб қолди. Ёшлар иттифоқи фаоллари, Персонал билан ишлаш департаменти ва Касаба уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилган бу каби оммавий спорт тадбирлари келгусида бошқача шаклларда давом эттирилиши белгилаб олинди. Жамоа аҳиллигининг тимсоли бўлган спорт машғулотлари эса эртага соғлигимизнинг мустаҳкам бўлишида ўз сўзини айтиши шубҳасиз.

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати