УГАМ ОРОМГОҲИ - СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИГА МЕЗБОНЛИК ҚИЛМОҚДА
03.10.2020
“Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги Угам оромгоҳи МЧЖда бугун Энергетика вазирлиги таркибидаги корхоналарнинг мутахассис ва ходимларидан иборат жамоалар иштирокидаги мусобақаларига старт берилди. Бу ерда вазирлик тизимидаги 10 та корхонанинг мини футбол ва 7 та корхонанинг волейбол жамоалари ўртасида “Угам оромгоҳи-2020” кубоги учун беллашувлар бошланди. Биринчиликда Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” АЖ бошқарув аппарати, “Урганчтрансгаз” УК, “Чинобод, “Кучли” “Пахта” нефтбазалари, “ЎзЛИТИнефтгаз”, “Ҳудудгаз Пойтахт”, “ИГИРНИГМ” ва мезбонларнинг “Угам” жамоалари иштирок этмоқдалар.

Мусобақаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, ўйинларни бошқариб бориш учун Миллий олимпия қўмитасидан малакали ҳакам таклиф этилган. Анана тусини олиб келаётган мазкур биринчиликнинг бу йилги мусобақаларини ҳам кўтаринки рухда ўтказиш учун иштирокчиларга барча шароитлар мухайё қилинди. Ўйинлар бошланиши олдидан, қуръа ташлаш йўли билан жамоалар 2 гуруҳга бўлинди ва ўйинлар кетма-кетлиги аниқлаб олинди. Дастлабки натижаларга кўра “Урганчтрансгаз”, “Пахта” ва “Угам” жамоалари ижобий натижаларни қайд этдилар. Мусобақалар якунлангач, ҳар 2 спорт тури бўйича ғолиблар “Угам оромгоҳи-2020” кубоги ва эсдалик совғалари билан тақдирланади. Ташкил этилган мазкур жамоавий ўйинларнинг иштирокчилари тоғ бағрида жойлашган сўлим масканда хордиқ чиқариб қайтишади. Оромгоҳда барча санитария талабларига риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати