jins

Uztransgaz

26.11.2020

Республикамизда, бугунги кунда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб масалалардан бир эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш ва унга бўлган талабни қондиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Бу ҳақида мамлакатимиз Президенти ҳам ўз чиқишларида алоҳида тўхталиб, коронавирус пандемияси даврида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлашда шахсий томорқа ерлари ва бошқа экин майдонларининг ҳар бир қарич еридан самарали ва истиқболли фойдаланишга доир долзарб топшириқларни берган эди.


Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзтрансгаз” АЖнинг алоҳида қарори ишлаб чиқилди ва шу асосда тезкор топшириқ сифатида тизим корхоналарига қарашли суғориш имкони бўлган барча майдонларга мевали дарахтлар ҳамда сабзавот ва полиз экинларини экиш талаби қўйилган эди. Жамият тизимидаги корхоналарда бўлгани каби, Газли МГҚБ ёрдамчи хўжаликларида ҳам бу масалага алоҳида эътибор билан ёндошилди. Жумладан, хўжаликдаги экин майдонларига 150 тупдан ортиқ мевали кўчатлар ўтқазиб парваришланмоқда.


Ҳар бир иш алоҳида эътибор билан бажарилгандагина унинг самараси бўлади. Шу маънода ёрдамчи хўжаликдаги ишларга, қишлоқ хўжалиги экинларни етиштиришга деҳқончиликдан хабари бўлган масъул ишчилар бириктирилган. Газли МГҚБ ишчилари томонидан бошқармага қарашли корхоналарнинг атрофидаги 8,5 гектардан ортиқ ер майдонларида помидор, бодринг, сабзи, пиёз, мош, ловия, картошка ва полиз маҳсулотлар экиб парваришланди. Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 36,5 тоннани ташкил этди. Пишиб етилган маҳсулотлар ўз вақтида бошқарма тизимида меҳнат қилаётган ходимларга тарқатилди.


Бугунги кунда ушбу майдонларда етилган кузги картошка, пиёз ва қовоқ каби полиз экинлари йиғиб олинган бўлиб, уларни ишчи-хизматчиларга ва хайрия ташкилотларига тарқатиш режалаштирилган.


Шу билан бирга, мавжуд экин майдонларида кузги агротехник тадбирлар ҳам якунига етказилмоқда. Ерлар ўғитланиб, кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилаётгани шулар жумласидан. Бу тадбирлар эса ўз навбатида келгуси йилда етиштириладиган мўл ҳосил учун пухта замин яратади.

“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати

Возврат к списку